ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Сеулда бўлиб ўтадиган Asia Model Festival моделлар фестивалида Ўзбекистондан уч нафар вакил қатнашади.
Марказий Осиёнинг энг яхши моделлари ҳар йили Face of Central Asia танлови орқали аниқланади. Бу йил Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида 24-24 февраль кунлари учинчи бор ўтказилган ярим финалда дизайнерлар чиқишлари, мода ва гўзаллик бўйича экспертлар иштирокидаги семинарлар, дизайнерлар учун шоу румлар ташкил этилди. Бу ҳақда NUZ.UZ хабар бермоқда.
Face of Central Asia —Asia Model Festival фестивалининг ярим финал босқичи бўлиб, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги маданий алмашув тадбири ҳамдир. Мазкур фестиваль орқали иштирокчилар мода ва гўзаллик йўналиши орқали ўз мамлакати маданияти, иқтидорли ва гўзал инсонларини бутун дунёга таништирадилар.
Танловда дизайнерлар Aidai (Айдай Асангулова, Қирғизистон), Sindor Collection (Синдор Тошкентбоев, Ўзбекистон), Umed art collection ва Murod Fashion (Мурод Бобоқулов, Тожикистон), "Асыл-Дизайн" (Айдархан Калиев, Қозоғистон) қатнашдилар.
Самарқандлик Синдор Тошкентбоев 2013 йилда дизайнерлик коллежини битиргач Sindor Collection брендини яратган. Sindor Collection бренди либослари маҳаллий эстрада юлдузлари орасида оммалашиб бормоқда.
Ўзбекистонлик Шаҳбоз Маҳмудов барча саралаш босқичларидан сўнг биринчи ўринни олиб Face of Central Asia танловининг ғолибига айланди. У билан бирга, Элеонора Корнилова Visit Korea компаниясининг ҳомийлик совғаси ва Кореяда бўлиб ўтадиган финал йўлланмасини, Анастасия Ухова эса финал йўлланмасини қўлга киритди.
Шундай қилиб, 2017 йил июнида Сеулда бўлиб ўтадиган Asia Model Festival халқаро моделлар фестивалида Ўзбекистондан уч нафар вакил иштирок этади.
Ушбу фестивалда Осиёнинг 25 давлатидан моделлар, дизайнерлар қатнашадилар. Фестивал финали дунёнинг 127 мамлакатига жонли эфирда трансляция қилинади.