ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Тошкент шаҳар ички ишлар идоралари олиб борган тадбирлар давомида ўқувчи-ёшларнинг уяли телефон аппарати текширилганда, 36 нафар ўсмир виртуал "ўлим гуруҳи"га жалб қилинганлиги аниқланди, деб хабар берди РИА Новости ИИББ матбуот хизматига асосланиб.
Февраль ойида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари таълим муассасаларидаги давоматлар, ўқувчи ва талабалар томонидан дарс жараёнларини ўзлаштириб бориш ҳолатини ўрганиш бўйича тадбир ўтказдилар.
"Давомат" тадбири давомида ҳар бир ўқувчи-ёшнинг уяли телефон аппарати текширилганда, 31та мактаб ва 5та коллеж ўқувчиси "Синий кит" ўйини иштирокчиларига айланганлиги аниқланди", — дейилади хабарда.
Асосийси, уларни бирор кўнгилсиз ҳодиса содир бўлишидан олдин аниқлашга эришилди.
"Бу каби ўйинларга илакишиб қолган ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида профилактик суҳбатлар ўтказилди, уларга малакали психологлар бириктирилиб, кузатув остига олинди", — деб маълум қилди ИИББ вакили.
Хабарга кўра, ҳозирда барча вояга етмаганлар ўртасида бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида барча таълим муассасаларида сайёр учрашувлар ўтказилиб келинмоқда.