ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik. Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича семинар-тренингларда Қорақалпоғистон Республикасининг учта туманида яшовчи 150 нафардан ортиқ аёллар иштирок этади, деб хабар бермоқда БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати.
Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ)нинг "Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол денгизи фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва мустаҳкамлаш" Қўшма дастури Тахтакўпир, Мўйноқ ва Шуманай намунавий туманларида аёллар учун семинарларни ташкил қилмоқда. Семинарларга фақат уй хўжалиги билан машғул бўлиб қолган ва ўз бизнесини очиш ниятида бўлган ҳамда ихтисослигини ўзгартирмоқчи бўлган маҳаллий хотин-қизлар таклиф этилади.
Таҳсил берувчи семинарлар интерфаол тақдимотлар шаклида ўтказилади. "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон тадбиркор аёллар уюшмасининг Қорақалпоғистон бўлими маслаҳатчилари тадбиркорликнинг имкониятлари ва истиқболлари, мижозлар билан ишлашнинг ўзига хос хусусиятлари, малакани ошириш бўйича мавжуд курслар ва янги ҳунармандчилик кўникмаларига эга бўлиш ҳақида ўз тажрибалари билан ўртоқлашади.
Тренинг иштирокчилари бизнесни олиб бориш, қандай қилиб тадбиркорликни бошлаш, хатарликлар ва афзалликларни таҳлил қилиш (SWOT-таҳлил), дастлабки сармояни шакллантириш асослари билан танишади. Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий шакллари масалалари, оилавий бизнесни яратиш фазилатлари, имтиёзли кредитларни олиш имкониятлари, ҳисоботларни топшириш, солиқларга тортилиш ва бизнес режани тузиш масалалари кўриб чиқилади.
Семинарлар 9-10, 14-15 ва 23-24 март кунлари бўлиб ўтади. Унда иштирокчилар бизнесни ташкил қилиш учун зарур бўлган ахборот олади, шахсий ўсиш ва турмуш даражасини ошириш учун оила фаровонлигига ҳисса қўшиш имкониятлари билан танишадилар.
БМТ маълумотига кўра, агар аёллар ҳам меҳнат бозорида худди эркаклар каби иштирок этса, 2025 йилга келиб аёлларнинг глобал ЯИМга қўшадиган ҳиссаси 28 трлн долларни ташкил этади. Бу рақам аёллар учун иш ўринлари яратиш ва уларни тадбиркорликка жалб этиш нақадар муҳим эканлигини кўрсатади. Бироқ етарлича билим, молиявий ва техник воситалар ҳамда кўникма етишмаслиги аёлларнинг ўзларини кўрсатиши ва меҳнат қилишлари йўлида тўсиқ бўлмоқда.