ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik. Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар ушбу ташриф икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама этиш, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашиш учун қулай имконият яратганини таъкидладилар, деб хабар қилди "Жаҳон" АА.
Музокаралар очиқлик, ўзаро англашув ва дўстона руҳда ўтгани, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Туркманистон халқлари манфаатларига хизмат қилиши қайд этилди.
Илгарироқ Президентлар Халқаро Ахалтеки отлари мажмуаси билан танишганлари ва Туркманистон Президенти Мирзиёевга зотдор от совға қилгани ҳақида хабар берган эдик.
Шавкат Мирзиёев Туркманистон Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди. Фахрий меҳмонлар хиёбонига кўчат ўтқазди. Бу хиёбонга Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов 2007-йилда кўчат ўтқазган эди.
Мирзиёев шунингдек Сапармурат Ниёзов мақбарасига гул қўйди. Ўтганларнинг руҳи покларига Қуръон тиловат қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга давлат ташрифи давом этмоқда.