ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik. Ўзбек эстрадасининг энг ёрқин юлдузларидан бири Нилуфар Усмонова тўртинчи фарзандни дунёга келтирди, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбири.
Бугун Нилуфар Усмонова қизалоқни дунёга келтирди. Хонандани янги меҳмон билан энг аввало унинг ҳамкасби ва дугонаси Шаҳзода ўзининг Instagramдаги саҳифаси орқали табриклаган.
"Сен бугун жажжигина маликанинг онаси бўлдинг. Ажойиб қизалоқни дунёга келтирганинг билан чин юракдан табриклайман. Янги меҳмонга мустаҳкам соғлик ва бахтли ҳаёт тилайман", — деб изоҳ қолдирган Шаҳзода Нилуфарнинг сурати тагида.
Нилуфар Усмонованинг саҳифаси ҳам табрикларга тўлиб-тошган. Аммо ҳозирча қизалоққа қандай исм танлангани хабар қилинмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, Нилуфар Усмонова уч нафар ўғил фарзандларнинг онаси.