ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik. Корея Халқ Демократик Республикаси ва Малайзия давлатлари шу вақтгача иноқ муносабатда эдилар, улар ўртасида ҳаттоки виза йўқ эди.
Айни вақтда Шимолий Корея мана шундай саноқли дўстларидан бири бўлган Малайзиядан айрилиш арафасида турибди.
Эслатиб ўтамиз, 13 феврал куни, Куала-Лумпур аэропортида КХДР фуқаросига тажовуз уюштирилгач Шимолий Корея ва Малайзия ўртасидаги муносабатларга дарз кетган эди. Жанубий Корея ҳукумати тез орада тажовуз қурбони Ким Чен Нам — шимолий кореялик раҳбар Ким Чен Иннинг акаси эканлиги ҳақида маълумотлар тарқата бошлади. Ким Чен Ин ўз акасининг қотиллигида айбланди.
Малайзия ҳукумати бу қотилликда КХДРнинг бир нечта фуқаролари аралашган бўлиши мумкинлигини гумонлади. Ва шимолий кореянинг Air Koryo авиакомпанияси ходими ҳамда дипломатларнинг бирини ҳибсга олиш учун ордер берди. Юз берган ҳодиса туфайли Малайзия ҳукумати Шимолий Корея элчиси Кан Чхолни мамлакатдан чиқариб юборди. КХДР ҳам худди шундай жавоб қайтарди.