ТОШКЕНТ, 5 мар — Sputnik. АҚШнинг Огайо штатида бўлиб ўтган Arnold Sports Festival спорт мусобақасининг масрестлинг йўналишида ўзбекистонлик спортчи Олеся Гуреева биринчи ўринни қўлга киритиб жаҳон чемпиони бўлди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
"Тимур Тилляев ва унинг рафиқаси Лола Каримова-Тилляевага чуқур ҳурмат ва миннатдорлигимни изҳор этмоқчиман. Сизларнинг ёрдамингиз, ишончингиз ва қўллаб-қувватлаганингиз учун. Сизлар туфайли спортчиларимиз Ўзбекистонимиз шарафини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмоқдалар. Сизларга катта раҳмат", — деб ёзади у.
Олеся Гуреева масрестлинг бўйича кўплаб нуфузли мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритган. 2015 йил Қирғизистонда ўтказилган Жаҳон кубоги совриндори. Бундан ташқари, 2015 йил Россияда ўтказилган Жаҳон кубогининг якуний босқичида биринчи ўринни қўлга киритган.
Arnold Sports Festival АҚШнинг энг нуфузли спорт фестивалларидан бири саналиб, шахсан Арнольд Шварценеггернинг ўзи бу мусобақани бевосита қўллаб-қувватлаб келади.