ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ўзбекистонда долларнинг "қора бозор"даги нархи 7 минг сўмдан ошди, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Ноқонуний валюта савдоси марказларига айланган пойтахт бозорларида долларфурушлар кеча ва бугун бир долларни 7000-7050 сўмдан сотиб олишди. Сотиш нархи эса анъанага биноан сотиб олиш нархига нисбатан 60-100 сўм қимматроқ.
Долларнинг Марказий банк белгилайдиган расмий курси ҳам икки ҳафтадан буён ошмоқда. 14 кун давомида доллар нархи 94 сўмга қимматлади. Ҳозирда долларнинг расмий курси 3404 сўм 35 тийинга тенг.
Экспертларнинг фикрича, доллар нархининг ошиши валюта соҳасида кутилаётган ислоҳотлар билан боғлиқ. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегиясида конвертация жорий этиш ва эркин валюта савдосини ташкил этиш чоралари ҳам кўзда тутилган.