ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Мальдив ҳукумати Саудия Арабистонига оролларидан бирини 99 йилга ижарага бериши мумкин, деб хабар қилди РИА Новости Times of India нашрига таянган ҳолда.
Гап Фаафу атолли ҳақида бормоқда — у 18та оролчалардан ташкил топган бўлиб, уларда 6 мингга яқин киши истиқомат қилади.
Атолл 2014 йилда қабул қилинган махсус иқтисодий ҳудудларга доир қонун негизида ижарага берилиши мумкин. Мазкур қонун хорижий компанияларга атолларни 99 йилга ёки чекланмаган муддатга ижарага беришга рухсат беради. Чекланмаган муддатга ижарага олиш учун компания республикада рўйхатдан ўтган бўлиши ҳамда унинг 51 фоизи мамлакат фуқаросига тегишли бўлиши лозим.
Мальдив ОАВларида тарқалган хабарларга кўра, лойиҳанинг ўзи оролларда қайта қуриш ишларини олиб бориш орқали атоллни йирик элита тураржойлари жойлашган ҳудудга айлантиришни кўзда тутади. Бу ерда сайёрадаги энг бадавлат инсонлар истиқомат қилишлари ва дам олишлари мумкин бўлади.
Ижарага бериш ҳақидаги хабарлар Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдул Азиз ал Сауднинг минтақа мамлакатларига ташрифи доирасида республикага келиши арафасида пайдо бўлди. Бу ўз навбатида мухолифатнинг кескин норозиликларини келтириб чиқарди.
Хусусан, Мальдив демократик партияси вакили, республиканинг собиқ ТИВ раҳбари Аҳмад Насим Times of India нашрига берган изоҳида ҳукумат атоллни ижарага бериш борасида аҳоли фикрини ўрганмаганидан норозилигини билдирган.
Нашрнинг қайд этишича, атоллнинг Саудияга ижарага берилиши эҳтимоли Ҳиндистон ҳукуматининг ҳам хавотирларига сабаб бўлмоқда. Чунки, бу Ар Риёзнинг Ҳинд океанидаги таъсирини кучайтиради.