ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. Танловда истеъдодли қўшиқчи, ажойиб сопрано овоз соҳибаси Барно Исматуллаева қатнашади. Финалга жами 20 иштирокчи етиб келган, деб хабар беради Sputnik Ўзбекистон мухбири.
BBC Cardiff Singer of the World-2017 танлови финали шу йилнинг июнида Уэльснинг Кардифф шаҳридаги жаҳоннинг таниқли юлдузлари майдони бўлган Сэнт-Дэвид Холл марказида бўлиб ўтади.
"Нуфузли BBC Cardiff Singer of the World 2017 (Би-Би-Си Кардифф Жаҳон қўшиқчиси 2017) танлови тарихида илк бор Она Ватаним Ўзбекистонни таништириш (энг ёш иштирокчи сифатида) мен учун улкан бахт!!! Азиз дўстлар! Менга Сизларнинг меҳр ва қўллаб-қувватлашингиз жудаям муҳим!", — деб ёзади Барно ўзининг Facebookдаги саҳифасида.
2014 йилда Тошкентда бўлиб ўтган Competizione dell'Opera халқаро танловида Барно Исматуллаева биринчи ўринни олган. Бугунги кунга келиб ёш опера қўшиқчиси кўплаб халқаро танловларда ғолибликка эришди.
У 2010 йил августда "Ниҳол" Давлат мукофотига сазовор бўлган. 2011 йил октябрида Барно россиялик таниқли бастакор Юрий Башмет раҳбарлиги остида Минскда ўтказилган III МДҲ Ёшлар халқаро академиясида Ўзбекистон номидан иштирок этган.
25 ёшни қаршилаган Барно Андижонда туғилган. 2006-2009 йилларда Андижон санъат коллежида таҳсил олган. 2009 йилда лицей ва коллеж ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган ёш вокалчилар республика танловида биринчи ўринни эгаллаган. Шу йили Ўзбекистон Давлат консерваториясига, Исмоил Жалилов синфига қабул қилинган.
Ўзбекистон халқ артисти Исмоил Жалиловнинг айтишича, Барно ўзига хос чиройли, қайноқ сопрано овозига эга бўлиб, унинг овози "қуйи пардада виолончель, ўрта пардада гобой ва юқори пардада флейта каби жаранглайди".