ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 февраль, сешанба куни Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Россия Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкинни қабул қилди, деб хабар қилди "Ўзбекистон" телеканали.
"Ўзбекистон раҳбари меҳмонни қутлар экан, икки мамлакатнинг замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги юксак даражада эканини алоҳида таъкидлади", — деб хабар қилинди телесюжетда.
Телеканал хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев ва Сергей Наришкин экстремизм, терроризм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш масалаларини муҳокама қилган.
Наришкин қабул учун Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдирди ва Россия президенти Владимир Путиннинг эзгу тилакларини етказди.
Россия Ташқи разведка хизмати директори давлатлар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги долзарб вазифаларни бажаришдаги ўзаро ҳамкорлик даражасини юқори баҳолади.