ТОШКЕНТ, 28 фев — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев оддий халқ турмуши, вилоят ҳаёти билан танишиш мақсадида 24-25 феврал кунлари Қашқадарёга сафар қилган эди.
Ушбу сафари давомида Мирзиёев Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳайкали, Абул-Муъийн Насафий зиёратгоҳи реконструкцияси лойиҳалари билан танишди.
Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи сифатида халқимиз қалбида мангу яшайди. Қаҳрамон шоиримизнинг ҳайкали Қарши шаҳридаги Ўзбекистон кўчасида бунёд этилади. Бу ёшлар учун фахр ва ғурур тимсоли, маънавий тарбия манбаи бўлиб хизмат қилади.
Мирзиёев ҳайкал лойиҳасини такомиллаштириш, бу ерда Абдулла Орипов мактаби ва музейини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.
Абул-Муъийн Насафий ХИ асрда яшаган, ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган алломалардан биридир. Буюк бобомизнинг илмий асарлари бугунги кун учун ҳам ғоят аҳамиятлидир.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоятидаги Халқ қабулхонасини бориб кўрди.
Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарёга ташрифи, одамлар билан самимий мулоқотлар воҳа халқига катта хурсандчилик бағишлади, белгилаб берилган улкан бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар вилоят ривожини янги босқичга кўтаради.