ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Қарши шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповга ҳайкал ўрнатилади. Бу ҳақда Подробно.уз хабар бермоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга сафари давомида Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳайкали лойиҳаси билан танишди.
Давлат раҳбари ҳайкал лойиҳасини такомиллаштириш, бу ерда Абдулла Орипов номидаги мактаб ва унинг ижодига бағишланган музей ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Давлат мадҳиясининг муаллифи ҳисобланган қаҳрамон шоир — Абдулла Ориповнинг ҳайкали Қарши шаҳридаги Ўзбекистон кўчасида қад ростлайди.
Абдулла Орипов 2016 йилнинг 5 ноябрь куни оғир хасталик туфайли 75 ёшида вафот этди.
Шоир халқ, она ватан ва уларга бўлган муҳаббат ҳақида кўплаб асар ва достонлар битган.
У шунингдек, Данте Алигьери, Николай Некрасов, Леся Украинка, Тарас Шевченко, Қайсин Қулиев ва бошқа кўплаб жаҳон адабиёти дарғаларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Унинг ижоди замонавий ўзбек адабиётининг ёрқин саҳифаларидан биридир.
Абдулла Ориповга 1998 йилда "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони берилган.