ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Фарғона шаҳридаги "Фарғонаазот" АЖда юз берган портлаш оқибатида беш киши ҳалок бўлган, бир неча киши касалхонага ётқизилган.
23 февраль куни Фарғона шаҳридаги "Фарғонаазот" корхонасидаги аммиак цехида таъмирлаш-монтаж ишлари олиб борилаётган вақтда портлаш юз берди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, портлаш оқибатида қурбон бўлганлар бор, лекин уларнинг сони айтилмаган.
Ҳодисани ўрганиш бўйича махсус ҳукумат комиссияси ташкил этилди.
"Портлаш жойида беш киши ҳалок бўлган, улар таъмирлаш бригадаси ишчилари бўлишган. Яна бир неча киши касалхонага ётқизилди", — деган корхонадаги манба РИА Новостига.
Унинг сўзларига кўра, корхонада комиссия иш олиб бормоқда, завод фаолияти тўхтатилмаган.
"Ўзкимёсаноат" АЖ ва республика ФВВ ҳукумат комиссияси ишлашда давом этаётганлигини билдириб қурбонлар ҳақидаги маълумотни изоҳламаган.
"Фарғонаазот" корхонаси 1956 йилда ишга туширилган бўлиб, ҳозирги кунда аммиак селитраси ва карбамид ишлаб чиқарувчи энг йирик кимё саноати корхонаси ҳисобланади.
Корхона лойиҳа қувватига кўра йилига 270 минг тонна карбамид ва 350 минг тонна селитра ишлаб чиқаради.