ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. Аспиринни назоратсиз қабул қилиш натижасида қон томирлар девори синиб, ёрилади, деб хабар қилади "Зарафшон" нашри.
Шифокорлар беморларнинг ёшига қараб, юрак инфаркти ва инсультлар профилактикаси мақсадида "Аспирин" (ацетилсалицил кислота)ни кичик миқдорда ичишни тавсия қилишади. У қон тромбоцитларининг бир-бирига ёпишишига, тромб ҳосил бўлиши ва қон томирларнинг тиқин билан беркилиб қолишининг олдини олади. Аммо дорининг узоқ вақт давомида қўлланилиши геморрагик инсультни авж олдирар экан. Чунки у қон томирлар девори фаолиятини таъминлайдиган ферментлар вазифасини чеклайди.
СамДТИ гематология курси мудири, доцент Ўткир Дадажонов ва доцент Каттабек Абдиевларга кўра аспиринни назоратсиз қабул қилиш натижасида қон томирлар девори синиб, ёрилади.
Кексаларда қон томирлар синувчан бўлади. Шу сабаб уларнинг тана ва қўллари ўз-ўзидан кўкариб қолади. Бундай беморларга кўпроқ наъматак дамламаси қабул қилиш тавсия этилади. Аммо таркибида "Аспирин" бўлган ва носпецифик яллиғланишга қарши воситаларни қабул қилиш тавсия этилмайди. Шунингдек, уларга сирка кислотаси қўшилган маҳсулотлар истеъмол қилиш ҳам тавсия қилинмайди. Чунки у организмда "Аспирин"га айланади. Қандли диабет билан оғриган беморларга ҳам шундай маслаҳат берилади.
"Аспирин" меъда-ичак яраси ёки эрозияси, қон кетишни ҳам чақиради. У ароқ, кетчуп, майонез, салатлар, шаурма, хот дог, фастфудлар тановулидан кейин қабул қилинса, ичакдан қон кетишига сабаб бўлиши мумкин.