ТОШКЕНТ, 21 фев — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда бугундан Ўзбекистонда 10 000 сўмлик банкнот муомалага чиқарилиши ҳақида хабарлар тарқалди.
Хабарларда айтилишича, янги банкнот қизил рангда бўлади.
Шунингдек, интернетда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг "Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 10000 сўмлик банкноталарнинг чиқарилиши тўғрисида"ги қарори нусхаси тарқалмоқда. Ушбу қарорга Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев имзо чеккан. Қарорда банкнот қачондан чиқарилиши ҳақида маълумот йўқ.
Ўтган йилнинг мартида ҳам ижтимоий тармоқларда худди шу тарздаги хабар ва 10 000 сўмлик пулнинг суратлари тарқалганди. Бу хабарларга нисбатан Марказий банк ўз муносабатини билдириб, 10 минг сўмлик купюра чиқарилиши режалаштирилмаганини маълум қилганди.
Ҳозирги вақтда ўзбек сўмининг энг катта қийматли купюраси 5 000 сўм ҳисобланади. Мазкур купюра 2013 йил 1 июлдан чиқарилган. Бундан ташқари, 1994 йилдан бери 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100, 200, 500 ва 1000 сўмлик купюралар ҳам муомалага киритилган.