ТОШКЕНТ, 20 фев — Sputnik. "Sen Yolg'iz Emassan" болалар фонди ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган "Болага табассум улаш" хайрия акцияси доирасида Жиззах вилоятида 1338 нафар бола шифокор кўригидан ўтиб, 45 болага жарроҳлик амалиёти амалга оширилди. Бу ҳақда фонд асосчиси Лола Каримова-Тилляева ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.
Ўзбекистон ҳудудларида истиқомат қилувчи болаларни юқори сифатли тиббий хизмат билан таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб олган мазкур тадбирга кам таъминланган оила фарзандлари ҳамда Жиззах вилоятидаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари жалб қилинди.
Тошкент педиатрия тиббиёт институти ходимларидан иборат шифокорлар гуруҳи вилоятнинг Фориш, Зомин, Зарбдор, Дўстлик, Пахтакор, Зафаробод, Мирзачўл, Ғаллаорол, Бахмал ва Янгиобод туманларига ташриф буюрдилар.
Офтальмолог, травматолог, оториноларинголог, ЭХОКГ шифокори, кардиожарроҳ ва кардиологлардан иборат шифокорлар болаларни кўрикдан ўтказиб, соғлиғи жаррохлик аралашувини талаб этган болаларга операциялар амалга оширдилар.
137 нафар бола Тошкент педиатрия тиббиёт институтига даволаниш учун олиб келинди.
Ушбу хайрия акцияси доирасида вилоятдаги ёш шифокорлар учун офтальмология, травматология-ортопедия, кардиожарроҳлик, кардиология, оториноларингология ва анестезиология соҳаларидаги юқори технологик усуллар бўйича тренинглар амалга оширилди.
Тошкент педиатрия тиббиёт институти шифокорлари иштирокидаги тиббий ёрдамни жойларда амалга оширишга йўналтирилган мазкур акция "Sen Yolg'iz Emassan" фонди ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2012 йилдан бери амалга ошириб келинмоқда.