Тошкентда 150 дан ортиқ кўп йиллик ноёб дарахтлар кесиб олинди

© Sputnik / Константин Чалабов / Медиабанкка ўтишБензопила
Бензопила - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Академик М.Мирзоев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ҳудудида 150 дан ортиқ кўп йиллик дарахтлар кесиб олиниб номаълум томонга олиб кетилди.

ТОШКЕНТ, 20 фев — Sputnik. Бир юз элликтадан ортиқ кўп йиллик улкан чинор, эман, шумтол ва ёнғоқ каби ноёб дарахтлар шафқатсизларча кесиб олинди, деб хабар қилмоқда nuz.uz нашри.

Ахборот агентлиги хабарига кўра, уларга илмий-тадқиқот институтининг собиқ ишчиси мурожаат қилиб, қисқа вақт ичида институти ҳудудида юздан ортиқ кўп йиллик чинор, эман, шумтол, ёнғоқ ва республикада ягона бўлган кофе дарахти кесиб ташланганини хабар қилган.

Гувоҳлар айтишига қараганда дарахтларни кесиш январ бошида бошланиб бир ой давом этган. Кесиш ишлари институт бош директори ташаббуси билан бошланган, ҳар дам олиш кунлари институт ҳудудида кўплаб техника ва ишчилар ишлаган. Шунга қарамасдан бунга ҳеч ким эътибор бермаган.

© nuz.uzБоғдорчилик, узумчилик ва виночилик институтида кесилган дарахтлар
Рубка деревьев в НИИ Садоводства  - Sputnik Ўзбекистон
Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик институтида кесилган дарахтлар

Институт ишчилари ҳатто Президент қабулхонасига ҳам телефон қилишган. Лекин текширув гуруҳи манзилни тополмагани туфайли етиб келмаган эмиш. Шундан кейин ҳеч ким бунга эътибор бермаган.

Умумий ҳисобда академик М.Мирзоев номидаги илмий-тадқиқот институти ҳудудида 150 та кўп йиллик дарахтлар кесиб олиниб Андижон вилояти давлат рақами ўрнатилган юк машиналарида номаълум томонга олиб чиқиб кетилган.   

Ковлаб олинган дарахт тўнкаларидан улкан чуқурлар қолган. Ковлаб олинмаган тўнкалар фотосуратидан кесиб олинган дарахтларнинг мутлақ соғлом бўлганини кўриш мумкин.

"Биз бундан жуда кеч хабар топдик. Улар дарахтларни аллақачон кесиб бўлишганди. Бу ерда энди фақат чуқурлар ва тўнкалар қолган. Қандай азим дарахтлар эди, афсус. Уларнинг айримларини Рихард Шредернинг ўзи, қолганини академик Махмуд Мирзоев ва бизлар эккан эдик. Бу қонунбузарликка қарши ҳеч нарса қила олмаймиз. Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва прокуратура буларни кўрмагандек гўё", — деб кўз ёши билан айтиб берди институт оқсоқолларидан бири.

Воқеа жойида бўлган nuz.uz мухбири ҳақиатдан ҳам институт йўлаклари бўшаб қолганини ва ҳамма жойда чуқурлар ва дарахт тўнкалари қолганига гувоҳ бўлган. Тўнкаси кавлаб олинган чуқур диаметри 2 метр бўлган дарахтнинг бўйи қанча бўлган экан-а?

Институт фаоллари ушбу ваҳшийлик учун жавобгарларни нима бўлсаям жазога тортиш мақсадида Президент қабулхонасига қайта мурожаат қилишган.

Еткизилган зарар, албатта чексиз ва унинг ўрнини тўлдириб бўлмайди, лекин айрим "экологлар" ҳисобига кўра еткизилган зарар 57 млн. сўм эмиш.  Бозордаги ёғоч нархидан хабардор кишилар ҳисоб-китобига кўра ўғриланган дарахтлар нархи 1 миллиард 140 миллион сўмни ташкил қилган.  

Устига устак, илмий институт раҳбарияти дарахт кесилишидан ҳосил бўлган ўтинларни Бекобод туманига юборишган эмиш. Аслида шу ернинг ўзида ҳам ўтинга зор бўлганлар жуда кўп эди. Яна институтга кетаверишда йўл четида юк машиналари қатор бўлиб туриб ўтин сотмоқда. Бир машина ўтин — 600 минг сўм.

"Биз бўш келмаймиз ва охиригача борамиз. Керак бўлса иккинчи, учинчи ва ундан тепадаги муассасаларга мурожаат қиламиз", — дейди институтнинг ходимларидан бири.

Институт ходими айтишига қараганда, охирги йилларда бу ерда иш яхши бўлмаган. Муассаса фаолияти даромад келтирмаган. Ходимларган тўрт ойдан бери ойлик тўланмаган.

"Олдинги вақтларда биз йилига 75 тонна лимон етиштирар эдик. Шароф Рашидовнинг шахсан ўзи келиб ҳар бир ишчининг қўлини сиққан эди. Ўшанда биз цитрус мевалар етиштириш бўйича Грузиядан ўзиб кетган эдик", — дейди яна бир институт ходими.

Бизнинг аризамиз айни дамда кўриб чиқилмоқда. Текширув органлари қарори қандай бўлишини вақт кўрсатади. Воқеага бефарқ бўлмаган фуқаролар, юзлаб олимларнинг ярим аср давомида қилган меҳнати натижасига бундай ваҳшийларча муносабатдан бўлганлар қонуний жазосини олар деб умид қилишмоқда.

Академик М.Мирзоев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти манзили:  111116, Тошкет вилояти, Зангиота тумани, Гулистон ҚФЙ, Чимкент йўли. Телефон рақами, раҳбарияти билан боғланишга доир маълумотларни институт расмий сайтидан олиш мумкин.

Янгиликлар лентаси
0