ТОШКЕНТ, 19 фев – Sputnik. Бугун Ўзбекистон ва АҚШ дипломатик муносабатлари ўрнатилганига 25-йил тўлди. Ушбу муносабат билан икки мамлакат президентлари бир-бирларига табрик хатлари йўллашди.
Шавкат Мирзиёевнинг табрик хатида Ўзбекистон ташқи сиёсатининг фундаментал принципи ва концептуал асослари ўзгармасдан қолиши, Ўзбекистон АҚШ билан анъанавий муносабатларни сақлаб қолиш, ҳар томонлама ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг қатъий тарафдори канлиги айтиб ўтилган.
Шунингдек, мактубда иқтисодий муносабатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, АҚШнинг етакчи корпорация ва компанияларининг Ўзбекистонда узоқ муддатли бизнес юритиши ва инвестициявий-технологик ҳамкорликни янада кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани қайд этилган.
Ўзаро англашув, ҳурмат ва икки томонлама манфаатдорлик тамойилларига асосланган стратегик шериклик руҳидаги муносабатларни янада ривожлантириш икки мамлакат халқлари манфаатларига хизмат қилиши ҳам таъкидланган.
Ўз навбатида, Америка Қўшма Штатлари президенти Доналд Трамп ҳам ҳам Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга табрик мактуби йўллади.
Табрик хатида АҚШ раҳбари 25 йиллик муносабатларга юксак баҳо бериб эришилган ютуқлар билан фахрланиш мумкинлигини қайд этилиб муҳим регионал масалалар бўйича келгусида ҳамкорлик қилишга умид билдирган.
“Келгуси йилларда ҳам минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик соҳасидаги умумий мақсадларимизни амалга оширишда Сиз билан ҳамкорликда ишлаймиз, деган умиддаман. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон Республикаси ва унинг қўшни давлатлари суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, Сизнинг Марказий Осиёни янада тараққий эттириш ва ўзаро ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатларингизни қўллаб-қувватлайди», — дейилган АҚШ президенти хатида.