ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Ўзбекистон ТИВ расмий сайтида Абдулазиз Камиловнинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Ташқи ишлар ва Ҳамдўстлик масалалари бўйича Давлат котиби жаноб Борис Жонсонга йўллаган мактуби эълон қилинди.
Мактубда Камилов Борис Жонсонни Ўзбекистон Республикаси ва Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан табриклаган.
Ўтган давр мобайнида Сизнинг мамлакатингиз билан ўрнатилган динамик ва тенг ҳуқуқлиликка асосланган муносабатларни юқори баҳолаймиз. Ушбу муносабатлар тарихи қадим замонларга бориб тақалади. Ишончимиз комилки, сўнгги йилларда Ўзбекистонга 40 дан ортиқ Буюк Британия делегацияларининг ташриф буюриши икки мамлакатнинг ҳам ўзаро манфаатли ва конструктив ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканлигидан далолат беради.
Қайд этиш лозимки, бугун мамлакатларимиз ўз янги тарихида муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларни бошдан кечираётган бир пайтда Ўзбекистонда Буюк Британия билан ҳамкорлик қилиш истиқболларига ишонч билан қаралади.
Мамлакатимиз учун муҳим бўлган ушбу даврда Буюк Британия ҳукумати ва халқининг қўллаб-қувватлашини юқори баҳолаймиз ҳамда Сизнинг ўринбосарингиз жаноб Алан Дунканнинг Ўзбекистонга ташрифини икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш борасидаги Буюк Британия самимий қизиқишининг тасдиғи сифатида қараймиз.
Аминманки, ўзаро ҳурмат ва томонлар манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган Ўзбекистон-Буюк Британия алоқалари мамлакатларимиз фаровонлиги ва манфаатлари йўлида бундан-буён ҳам мустаҳкамланади", деб таъкидлаган ўз мактубида ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов.