ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Ўзбекистон чегара қўшинлари 2017 йилнинг январь ойи давомида 137 нафар чегарабузарни қўлга олишди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбирига Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси вакили маълум қилди.
Энг кўп қоидабузарлар Қозоғистон (70 киши) ва Қирғизистон (54 киши) чегарасида ушланди. Шунингдек, Тожикистон (олти киши), Туркманистон (беш киши) ва Афғонистон (икки киши) билан чегараларни бузиб ўтишга бўлган уринишларнинг олди олинди.
"Республика давлат чегарасида январь ойида вазият барқарор бўлди. Чегарачилар бу давр мобайнида умумий миқдори 534 миллион сўмлик товар-моддий бойликларни олиб ўтишга бўлган 50 уринишнинг олдини олдилар. Бу ҳолатларнинг барчаси Қирғизистон билан чегара ҳудудида содир бўлган. Товарларнинг аксарият қисмини умумий қиймати 185 миллион сўмликдан ортиқ маиший техника ва электроника буюмлари ташкил этади", — деди МХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси вакили.
Бундан ташқари, унинг айтишича, 12 январь куни чегара қўшинлари ҳарбийлари Афғонистондан 5,5 килограмм наркотик олиб кирилишининг олдини олишган.