ТОШКЕНТ, 14 фев — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига кўра "Ўзавтойўл" автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат-акциядорлик компанияси тугатилади.
Унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкил этилади.
Фармон автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш жараёнига комплекс ёндашиш асосида йўл хўжалигини бошқаришнинг самарали тизимини шакллантириш, уларни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, лойиҳалаштириш ва йўл-қурилиш ишлари сифатини ошириш имконини берадиган тўлақонли буюртмачи хизматини яратиш мақсадида қабул қилинди.
"Ўзавтойўл" ДАК 2003 йилда Ўзбекистон Республикаси биринчи президентининг фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида ташкил қилинганди.
Ушбу компания ташкилий бошқарув тузилмаси асосан мамлакатдаги автомобиль йўлларининг барча тармоқлари эҳтиёжларини тўла равишда қоплашни таъминлашга қаратилганди.