ТОШКЕНТ, 13 фев — Sputnik. Айримлар ўқитувчиларнинг бу илтимосини дарҳол бажариб, фотосуратларни Telegram орқали синф раҳбарига юборишган бўлса, бошқалар бу илтимосни шахсий ҳаётга аралашув, деб баҳолашди, деб ёзмоқда Nuz.uz.
Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан ўқитувчиларнинг бу илтимосини хотиржам қабул қилишларини сўради, чунки бу ижобий мақсадни кўзда тутади. Ўқитувчилар фотосуратлар орқали ўқувчиларининг шароитларини ва уларнинг уйда дарс тайёрлаш учун нималарга муҳтожлигини аниқлашади.
Ўқитувчилар етарлича шароит билан таъминланмаган, ёрдамга муҳтож болаларни аниқлаганларидан сўнг уларнинг рўйхати туман ҳокимликлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига берилади. Кейинчалик эса бу болалар ва уларнинг оиласига қандай қилиб ёрдам бериш масаласи ҳал этилади.
Вазирлик мазкур тадбир муҳтожларга манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида ўтказилаётганини билдирди. Бироқ суратларни тақдим этиш ихтиёрийдир.
Агарда таълим муассасаси вакиллари болалар ёки ота-оналарга босим ўтказса, улар Халқ таълими вазирлигининг 1006 рақамли ишонч телефонига ёки вазирнинг Виртуал қабулхонасига мурожаат қилишлари мумкин.