ТОШКЕНТ, 13 фев — Sputnik. Ўзбекистоннинг йирик туристик операторларидан бири Yasmina-tour ўзбек эстрадасининг машҳур юлдузи Юлдуз Усмонованинг бўлажак концертларига бағишлаб хорижликлар учун махсус маршрут ташкил қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Туристик компания вакилларининг фикрича, Ўзбекистон ва собиқ иттифоқ республикалари ўртасида ҳамиша дўстона муносабат бўлган, ўзбек санъаткорларини ҳамма жойда севиб-ардоқлашган.
"Ялла" гуруҳи ҳали-ҳамон Мустақил давлатлар ҳамдўстлигида оммавийлигини йўқотмаган. Фаррух Зокиров МДҲнинг тўққизта мамлакати халқ артисти унвонига эга. Ўзбекистон маданияти, ўзбек юлдузларининг концертлари кўплаб қўшниларимизда қизиқиш уйғотади. Биз барчани ўзбек эстрадаси қироличаси, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг такрорланмас шоу-концертига таклиф этамиз", — дейилади компания хабарида.
Юлдуз Усмонованинг яккахон концерт дастурлари 11-23 апрель кунлари "Истиқлол" санъат саройида бўлиб ўтади. Мухлислар 13 кун давомида жонли ижрода бўлиб ўтадиган "Эй азиз инсон" номли концерт дастуридан баҳраманд бўлишлари мумкин.
Концерт учун чипталар нархи 20 минг сўмдан 250 минг сўмгачани ташкил этади.