ТОШКЕНТ, 13 фев — Sputnik. "Дайди" бадиий фильми режиссёри Сирожбек Абдуллаев ушбу фильм суратида Морган Фриман эмас, балки унинг Ўзбекистондаги ўхшаш чеҳраси, яъни қиёфадоши тасвирланганлигини билдирди, деб ёзади "Даракчи".
Ўтган ҳафтада ўзбек киноижодкорлари томонидан яратилган "Дайди" фильмининг премьераси Голливуд актёри Морган Фриман сабабли қолдирилганди.
"Ўзбеккино" МА томонидан тақдим этилган расмий билдиришномада "TIMUR FILM" МЧЖ томонидан суратга олинган "Дайди" бадиий фильмини жамоатчилик орасида тарғибот қилишда бир қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқлангани маълум қилинганди.
Жумладан, мазкур фильмнинг трейлери, баннерлари ва чипталари чиқарилиб, уларда машҳур киноактёр Морган Фриманнинг 2014 йилда ишлаб чиқарилган "Last Knights" ("Сўнгги рицарлар") фильмида суратга тушган қиёфаси акс эттирилган. Аммо актёрнинг қиёфаси фильмнинг агентликка тақдим этилган нусхасида бўлмаган.
"Ўзбеккино"нинг маълумот беришича, "TIMUR FILM" МЧЖ томошабинларнинг фильмга нисбатан талабини кучайтиришга эришиш мақсадида машҳур кино юлдузини фильмда суратга тушганлигини билдирувчи ёлғон (чалғитувчи) маълумотлар тарқатиб, истеъмолчиларнинг (томошабинлар) ҳуқуқларини паймол қилган.
Хабарда айтилишича, таҳририят ушбу ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида фильм режиссёри Сирожбек Абдуллаев билан боғланган.
Режиссёр фильмдаги Морган Фриман эмаслигини, унинг Ўзбекистондаги ўхшаш чеҳраси, яъни қиёфадоши эканлигини маълум қилиб, ушбу суратни тақдим этган.
Бу қиёфа қандай яратилганлиги ёхуд бу инсон аслида кимлиги тўғрисидаги саволларга жавоб олинмаган.
"Суратлар борасида бирор фикр билдиришни лозим топмадик, хулоса чиқариш мухлисларга ҳавола", — дейилади хабарда.