ТОШКЕНТ, 13 фев — Sputnik. Қозоғистон ички ишлар вазири Калмуханбет Касимов баёнотига кўра 2017 йилнинг январ, феврал ойлари давомида Қозоғистонда 63 та «ўлим гуруҳлари»га жалб этиш ва 15 та бола ўз соғлиғига шикаст еткизиш ҳолатлари аниқланган, Sputnik Қозоғистон хабарига асосан.
ОАВда «ўлим гуруҳлари» деб ном олган бундай гуруҳлар одатда ижтимоий тармоқлар орқали тарқалиб асосан мактаб ёшидаги болаларни жалб қилади. Гуруҳлар тажрибали психиологлар томонидан бошқариб борилади.
Касимов Қозоғистонда фаолият юритган ана шундай гуруҳлардан иккитасининг номини тилга олди: “Кўк кит” (Синий кит) ва “Тинч уй” (Тихий дом). Ушбу гуруҳлар ўз фаолиятини ўйин сифатида олиб борган. Гуруҳ аъзолари турли топшириқлар бажариб уни видеога олиши ва гуруҳда намойиш қилишлари керак бўлган.
Масалан, тез кетаётган автомобил олдидан сўнгги дамда югуриб ўтиш каби… Интернетда ҳайдовчилар бир неча бор шундай воқеанинг гувоҳи бўлишган экан. Бу ўйинларда босқичма-босқич “топшириқлар” мураккаблаштириб борилади ва энг охирги топшириқ ўз жонига қасд қилиш бўлар экан.
Вазир хабарига кўра “ўлим гуруҳлари” билан курашишда маълум қийинчиликлар бор, чунки гуруҳ бошловчиларининг кўпи чет элдан туриб фаолият юритмоқда. Жумладан, «ВКонтакте» Россияда, Facebook ва Instagram эса АҚШда жойлашган.
Айни дамда Қозоғистон ИИВ томонидан уларни техник блокировка қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Ўтган йил давомида Қозоғистон ҳуқуқни сақлаш органлари томонидан ушбу каби жиноятлар учун 44 та жиноий иш қўзғатилган, 16 нафар бола қурбон бўлган.
Биз олдин ҳам Россиянинг нинг турли шаҳарларида камида 15 нафар ўсмирнинг умирига зомин бўлган худди шундай гуруҳ аниқланганини хабар берган эдик. Ушбу воқеалардан кейин мутахассислар ота-оналарга ўз фарзанларига нисбатан янада эътиборли бўлишга даъват қилишмоқда.
Мутахассис маслаҳати
Ҳозирги техник тараққиёт замонда хавф-хатар кутилмаган туйнуклардан кириб келмоқда. Ёшлигида компьютер ўйнамай, интернет нималигини билмай катта бўлган ота-оналар бугунги кунда Интернетда қандай хавф-хатар яширингани тасаввур ҳам қила олмайди.
Ўзи кун узун ишда, боласи эса қўлида телефон билан ёки компьютер ёнида ёлғиз қолса, хохлаган сайтига кириши, хохлаган гуруҳларга аъзо бўлиши мумкин.
Ўз фарзандини ана шундай хавфлардан асраш учун ота-она унинг смартфон ва планшетида қандай ўйинлар ўйнаётганини, ижтимоий тармоқларда ким билан мулоқот қилаётганидан хабардор бўлиб туриш ўта мумҳим.
Энг яхшиси, болани имкон қадар кўпроқ машғулотлар билан банд қилиш керак-ки,
Энг ёмони, фарзандининг ишончини йўқотиш ва ундан узоқлашиб кетиш. Буни олдини олиш учун ота-она кўпроқ боланинг ҳаётида иштирок этиши керак, у билан бирга шуғулланиши, унинг мактабда, тўгаракдаги муваффақиятлари билан қизиқиши ва керак бўлганда маслаҳат бериб туриши — ўта муҳим.
Ҳар қандай ўсмир ҳам тезроқ катта бўлиб “жиддий” ишлар билан шуғулланишга ошиқади. Шундай вақтда у ижтимоий тармоқларда турли ғаламисларга дуч келиши мумкин. “Носоғлом маънавиятли” гуруҳга аъзо бўлган боланинг феъл атвори тезда ўзгаради. У камгап ва одамови бўлиб қолиши, кун узун уйда ўтриши, ўзининг доимий ўртоқлари ва синфдошларидан ажралиб бутунлай янги танишлари билан кўпроқ вақт ўтказиши, оила аъзолари билан кам мулоқот қилиб, сал нарсага жаҳли чиқадиган бўлиб қолиши мумкин.
Бундай ҳолларда, энг асосийси, ота-она ҳар лаҳза, ҳар қадамда фарзандидан бохабар бўлиб туриши керак. Боланинг ноқонуний фаолият юритувчи гуруҳга аъзо бўлгани аниқланса, дарҳол ҳуқуқни сақлаш органларига хабар қилиши шарт. Шунда у ўз фарзандини ва бошқа бировинг боласини ҳаётини ҳам сақлаб қолиши мумкин…