Термизда замонавий, кўп қаватли, арзон уйлар қурилади

Oбуна бўлиш
Шавкат Мирзиев Сурхондарё вилоятига бўлган ташрифи давомида Термизда қурилаётган кўп қаватли уйлар лойиҳаси, деҳқон бозори, савдо маркази ва замонавий боғ лойиҳаси билан танишди.

ТОШКЕНТ, 12 фев — Sputnik. Ўтган йилнинг 22 ноябрида қабул қилинган Президент қарорига мувофиқ Термизда 34та кўп қаватли замонавий уй-жой қурилиши белгиланган. Бу замонавий уйлар нархи арзон бўлиб, эҳтиёжманд оилаларнинг талабини қондириши керак, Президент матбуот хизмати хабари асосида.

Имтиёзли ипотека кредити асосида бериладиган икки, уч ва тўрт хонали бешта уй Султон Саодат кўчасида қурилмоқда. 210 хонадонга мўлжалланган замонавий уйлар учун ўн гектар ер ажратилган. Лойиҳага кўра, бу ерда иккита мактабгача таълим муассасаси, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш обектлари, маҳалла маркази қурилади.

Шавкат Мирзиёев ташриф давомида янги уйларни Мустақилликнинг 26-йиллиги байрамига қадар фойдаланишга топшириш, уларда аҳолининг яшаши учун барча шароит яратиш бўйича зарур кўрсатмалар берди.

Термиз шаҳрининг Алишер Навоий кўчасида қуриладиган деҳқон бозори ва савдо комплекси лойиҳасига 40 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган. Комплексда деҳқон бозори павилёнлари, иккита кўп қаватли замонавий супермаркет, автомобиллар турар жойи қуриш ва йил охиригача фойдаланишга топшириш мўлжалланмоқда.

Бундай йирик обектларни барпо этишдан мақсад халқ турмуш фаровонлигини ошириш, аҳолига савдо ва хизмат кўрсатиш маданиятини янада юксалтиришдан иборат, деди Ўзбекистон президенти. Бунинг учун комплексни замонавий архитектура ва миллий меъморлик андозалари асосида қуриш, атрофини ободонлаштириш, одамларга қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Шунингдек, Президент Термизда қурилиши режалаштирилган ёшлар замонавий боғи лойиҳаси билан ҳам танишди. Шавкт Мирзиёев ушбу боғни аҳоли фарзандлари билан сайр қиладиган, ҳордиқ чиқарадиган масканга айлантириш зарурлигини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан лойиҳани яна бир 1бор синчиклаб кўриб чиқиш лозимлиги қайд этилди.

Шавкат Мирзиев Сурхондарё бўйида бунёд этилаётган "Амударё" болалар соғломлаштириш маркази, деҳқон бозори, икки замонавий супермаркет ва автомобиллар турар жойи лойиҳалари билан ҳам танишиб чиқди. Аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида қурилаётган ушбу объектларни йил охиригача қуриб битказиш режалаштирилган.

Янгиликлар лентаси
0