ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. "Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарори асосида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги ижтимоий фикрни билиш мақсадида экспресс-сўров ўтказилди. Бу ҳақда "Кун.уз" маълум қилмоқда.
Уч кун мобайнида олиб борилган тадқиқотда Тошкент шаҳри аҳолиси иштирок этди.
Экспресс-сўров фуқароларнинг ушбу ҳужжат мазмунидан юқори даражада бохабар эканлигини намоён қилди. Унда қатнашганларнинг 72,3 фоизи қарорнинг мақсади ҳамда моҳиятини яхши англайди. 26,5 фоизи умумий маъносини тушунишини айтиб ўтган.
Тадқиқотга қараганда, қарор мазмуни ҳақида маълумот етказган асосий манбалар Миллий телерадиокомпания ахборот ва телекўрсатувларидир.
Респондентларнинг ҳар учинчиси бу ҳақда республика радиостанцияларини тинглаб билган. Сўровнинг ҳар тўртинчи қатнашчиси эса раҳбарият қабул қилаётган барча янги ҳужжатлар ҳамда қарорлар хусусида даврий нашрлар, қарийб яна шунчаси интернет-порталлар орқали ўқиб бораётганини қайд этган.
Тадқиқотда респондентларнинг 97,1 фоизи Ўзбекистоннинг Биринчи президенти хотирасини абадийлаштириш ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаши ва унга қўшилишини эътироф этган.
Респондентлар ҳар бир шаҳардаги кўчалардан бирига Ислом Каримов номи берилишини таклиф қилишди.
Иштирокчиларнинг учдан бир қисми эса энг яхши тадбиркор ва фермер учун Биринчи президент номидаги махсус грант таъсис этилишини таклиф қилди.
Бундан ташқари, сўров қатнашчилари Биринчи президент номидаги мукофот таъсис этилиб, у Ислом Каримов ташаббуси билан асос солинган "Шарқ тароналари" мусиқа фестивали доирасида топширилса, айни муддао бўлишини айтишди.
Респондентлар спорт, айниқса, уч босқичли — "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва Универсиада мусобақаларида муваффақиятларга эришган ёшлар учун Ислом Каримов номидаги мукофотни таъсис этишни таклиф қилдилар.
Экспресс-сўров иштирокчилари буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ҳамда ардоқли фарзанди Ислом Каримов хотираси қалбларда абадий яшашини, бу буюк шахснинг ғоялари ва фикрлари белгиланган мақсадларга таянч бўлишда давом этишини таъкидладилар.