ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Сайдулла ота тадбиркор бўлмоқчи, бу йўлдаги ҳаракат товуқ боқишдан бошланди деб хабар қилган "Зарафшон" газетаси.
Нашр хабарига кўра, Иштихон туманида аҳоли паррандачилик соҳасига катта қизиқиш билдирмоқда. Айни вақтда аҳоли талабини ўрганиб чиққан "Асакабанк" вилоят филиали ходимлари паррандачилик бўйича микрокредитни расмийлаштирган ишсиз фуқароларга товуқ тарқатмоқда.
"Банкимиз ходимлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда хонадонларнинг шарт-шароити ўрганилмоқда, – деган АТ "Асакабанк" вилоят филиали бошқарувчиси ўринбосари Ҳусниддин Ўрозов. – Суҳбатлар жараёнида аҳоли томонидан биз таклиф қилаётган микрокредитларга қизиқиш билдирилмоқда. Бугун паррандачилик бўйича микрокредит олиш истагида ҳужжатларни расмийлаштирган хонадонларга товуқ тарқатмоқдамиз. Албатта, бу имтиёзли микрокредит аҳоли учун жуда ҳам қулай. Сабаби, йиллик 9 фоиз миқдорида икки йил муддатга берилаётган микрокредитнинг 6 ойгача фақат фоизи тўланади, еттинчи ойдан асосий қарз ҳам қўшилади".
Айни вақтда тадбиркорлик истагида банкларга кредит сўраб мурожаат қилаётганлар орасида ёшлар ҳам талайгина, деб ёзади нашр.
"Касб-ҳунар коллежини тугатганман, аммо ҳозир бирор бир иш билан банд эмасман, – деган Хонақа маҳалласида яшовчи Жасур Исматов. – Банк ходимларининг тушунтиришларидан кейин паррандачилик билан шуғулланишга қарор қилдим. Ҳозир юзта товуқ олдим. Келгусида тадбиркорлик фаолиятимни янада кенгайтириш ниятидаман".