ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. Ўзбекистонда Инновациялар маркази қурилиш лойиҳаси ишлаб чиқарилмоқда, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири, Ахборот технологиялари ва коммуникациялар вазирлиги хабарига асосан.
Вазирлик вакилининг сўзларига қараганда, Инновациялар марказининг илк маскани сифатида Тошкентдаги Инха Университети танланган. Лойиҳа секин-аста турли маҳаллий IT компаниялар мужассамлашган эркин иқтисодий зонага айланиши кутилмоқда.
“Дунёда “технопарк” ёки “силикон водийси” каби тушунчалар барча мамлакатларда бор. Бизнинг ғоямизга кўра Ўзбекистонда шундай жой Тошкентдаги Инха Универститети бўлиши керак. Устига устак у “Академиклар шаҳарчаси”да жойлашган. Белоруссияда “Академиклар шаҳарчаси” асосида яратилган технопарк йилига 800 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилмоқда. Бу улкан маблағ”, — деб ҳисоблайди мутахассис.
Унинг фикрига кўра, Ўзбекистон ҳам ушбу йўналишда ҳаракат қилиши керак. Инновациялар маркази пайдо бўлиши маҳаллий дастурчилар учун қулай шароитлар яратиш, уларни экспорт учун мўлжалланган, янада мураккаброқ дастурлар яратишга ундаши кутилмоқда. Шу билан бир вақтда IT соҳасида аутсорсинг ривожланиши ҳам кутилмоқда.
Суҳбатдош айтишига қараганда, IT маҳсулотларини экспорт қилиш учун катта транспорт харажатлари ва узоқ масофалар босиб ўтиш керак бўлмайди. Шунинг учун ҳам, дунёнинг йирик бозорларидан узоқ масофада жойлашган Ўзбекистон учун ушбу соҳа келажакда истиқболли бўлиши мумкин.
Соҳа ривожи учун керак бўладиган яна бир муҳим омил бу – кредитлар ва инвестиция масалалари. Бунинг учун ҳам банк соҳасида кўплаб ишларни амалга ошириш керак.
Мутахассис фикрига кўра, лойиҳа вазифаларидан яна бири, бугунги кунда яширинча ишлаётган маҳаллий дастурчилар учун қонуний ишлаш шароитлари яратиб бериш.
“Бугунги кунда чет элдан буюртма олаётган кўплаб Ўзбекистонлик дастурчилар, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган тўлов тизимлари ёки учинчи томон хизматларидан фойдаланмоқда. Биз давлат учун муҳим бўлган ушбу муаммони ҳал қилишимиз ва амал қиладиган очиқ иш механизмини яратишимиз керак. Бизнинг дастурчиларимизга яширин ишлашдан қонуний ишлаши осонроқ бўлиши керак”, — деди вазирлик вакили.
IT соҳасида мавжуд бўлган муаммоларнинг яна бири бу – ойлик муаммосидир. Компания харажатларидан 80 %ни ойлик маошлар ташкил қилади. Ўзбекистонда даромад солиғи ва ягона ижтимоий тўлов миқдори жуда катта бўлгани туфайли IT компаниялар расман тўланадиган маошлар миқдорини камайтириб, ойликни конвертда тўлашга ҳаракат қилади. Яратилаётган янги механизмга кўра, қонуний ишлаш турли “кулранг схема”лардан кўра фойдалироқ бўлади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Инновациялар маркази IT соҳасида жамланиб қолган бир талай муаммоларни ҳал қилиши керак. Келажакда бу ер компьютерлар, дастурлар, уяли алоқа воситалари ва бошқа юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи компаниялар мужассамлашган эркин иқтисодий зонага айланиши керак.