ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. Россиянинг Новосибирск вилояти губернатори В.Ф.Городецкий раҳбарлигидаги ишбилармон ва тадбиркорлар доиралари вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда "Ўзагроэкспорт" АЖ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Делегация Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Улуғбек Розуқулов ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зоир Мирзаевлар томонидан қабул қилинди. Томонлар савдо ҳажмини ошириш ва мева-сабзавот маҳсулотларини марказлаштирилган ҳолда тизимли равишда етказиб бериш масалаларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар якунига кўра, "Ўзагроэкспорт-Сибирь" савдо уйи орқали Россиянинг Сибирь федерал округига 2017-2019 йилларда йил мобайнида мева-сабзавот маҳсулотларини ташкил қилиш бўйича келишувлар имзоланди.
Губернатор Городецкий "Gold Dried Fruits" комплексига ҳам ташриф буюрди. Бу ерда у мева ва сабзавотларнинг қайта ишланиши, қуритилиши, шокли музлатилиши, сақланиш ва юкланиш жараёни билан танишди. Илгарироқ Сибирдаги энг йирик озиқ-овқат экспорти билан шуғулланувчи ритейлерлардан бири бўлган "Холидей" компаниясиЎзбекистондан мева-сабзавот етказиб бериш бўйича шартнома имзолагани ҳақида хабар бергандик.
Қиймати бир миллион долларлик мева-сабзавотларнинг дастлабки партияси декабрь охирида жўнатилган ва россияликларнинг янги йил дастурхонини безаган. Россия компанияси 2017 йилда Ўзбекистондан ҳафтасига 150 тонна мева-сабзавотни импорт қилишни режалаштирган.