ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. Сўнгги кунларда Телеграм мессенжерида Spark автомобилини ўзгартириб электромобилга айлантираётган хоразмлик автоуста билан суҳбат тарқалди. Carzone.uz сайти мухбири буни аниқлаштириш учун электромобилсозликда фаолият юритаётган тадбиркор билан телефон орқали алоқа боғлаб, айрим саволларга ойдинлик киритди.
Маълум бўлишича, Хоразмда ички ёнув двигателли анъанавий автомобиллардан электромобиллар тайёрлаш амалиёти синовдан ўтган ва ҳозир айрим намуналар йўлларда ҳаракатланмоқда.
Хабарда айтилишича, бу жараёнда автомобилнинг ички ёнув двигатели олиниб, ўрнига электромотор қўйилади. Машинани кислотали аккумуляторлар ҳаракатга келтиради. Литий-ионли аккумуляторлардан фойдаланиш имконияти ҳақида берилган саволга "нарх бир оз қимматлашиши мумкин", деган жавоб олинди.
Маҳаллий электромобиль тўла заряди билан 100-120 км йўл босади. Уни қувватлаш учун 3-4 соат вақт талаб қилинади ҳамда 2-3 минг сўмга тушади. Суҳбатдошнинг айтишича, нафақат Spark, балки бошқа русумларни, жумладан, ВАЗ автомобилларини ҳам электромобилга айлантиришнинг имкони бор.
Хоразмлик тадбиркорлар ишни йўлга қўйиб олгач, бошқа вилоятларда ҳам ўз марказларини очиш режаси бор.