ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. Уч йил олдин бахтсиз ҳодиса оқибатида ўз қўлини йўқотган Норильсклик Максим Ляшко Россияда унчалик қиммат бўлмаган ва уни қониқтирадиган протез топа олмаганидан кейин ўзи протез ясашга қарор қилади.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида, унинг ғоясини қўллаб қувватловчи ташкилот топилмаганидан кейин, Ляшко ўз чизмаларини интернетга чиқаради. Россиянинг турли бурчакларидан инженер ва бошқа техник мутахассислар унга керакли ёрдам бериб туришади.
Мутахассислиги бўйича микроэлектроника инженери бўлган Максим учун протезнинг электрон қисмини яратиш муаммо бўлмаган. Механик ва кинематик бўлакларни яратишда эса унга таалуқли соҳа инженерлари ёрдам беришган.
Кишининг қўли ампутация қилинганда, у билан боғлиқ бўлган елка ва қўл мушаклари бир неча ой давомида ишлаб турар экан. Максим яратган протезнинг импульслар қабул қилувчи қурилмалари қўл мушакларидан ана шундай ҳаракатларни илғаб олиб уни протезга юборади.
Натижада, одам протезни ўз қўлини бошқаргани каби хаёлан бошқариши мумкин экан. Бир неча ой давомида одам бундай протезни тўлиқ бошқаришни ўрганиб олиши мумкин, дейишмоқда ишлаб чиқарувчилар.