ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Ўзбекистон Темир йўллари компанияси Қўнғирот, Шовот ва Ургенч шаҳарларига қатнайдиган поездлар чипталарини айрим тоифадаги фуқаролар учун 50% чегирма билан сотилишини эълон қилди.
Хабарда айтилишига кўра, чегирмалар Ўзбекистон Президентининг оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури доирасида амалга оширилмоқда.
Қўнғирот- Тошкент- Қўнғирот ", "Ургенч- Тошкент — Ургенч " ва "Шовот- Тошкент — Шовот " йўналишидаги поездларда қуйидаги тоифадаги йўловчиларга 50 % чегирма жорий қилинди:
- пенсионерлар, (1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобил АЭС даги ҳалокат оқибатларини бартараф қилишда иштирок этганлар);
- ногиронлар (биринчи,иккинчи ёки учинчи гуруҳ), ногиронлик гуруҳи кўрсатилган тиббий-меҳнат эксперт комиссияси текширув акти кўчирмаси ёки гувоҳнома бўлган ҳолда ҳамда ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахс;
- 16 ёшгача бўлган болаликдан ногиронлар, ногиронлик гуруҳи кўрсатилган тиббий-меҳнат эксперт комиссияси текширув акти кўчирмаси ёки гувоҳнома бўлган ҳолда ҳамда ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахс;
- ўқишга кетайўтган талабалар, олий таълим муассасасига таклифнома ёки олий таълим муассасасига ёлланма, ёки талабалик гувоҳномаси ва олий таълим муассасасидан маълумотнома бўлган ҳолда;
- фуқароларнинг ўзини — ўзини бошқариш органлари томонидан моддий ёрдам тайинланган кам таъминланган оилалар аъзолари, фуқароларнинг ўзини — ўзини бошқариш органлари томонидан моддий ёрдам тўланаётган давр учун маълумотнома бўлган ҳолда.
Киритилган ушбу чегирмалар билан бир қаторда амалдаги қонунчилик ва халқаро шартномаларга мувофиқ алоҳида шахслар учун киритилган имтиёзлар сақланиб қолади, лекин чегирмаларнинг бир нечта туридан бир вақтнинг ўзида фойдаланишга рухсат берилмайди. Икки хил чегирма қўллаш имкони бўлганда йўловчилар учун энг манфаатли бўлган чегирмалар қўлланилади.