ТОШКЕНТ, 4 фев — Sputnik. Кеча соат 9:40 да Қамчиқ довонида А-373 "Тошкент-Ўш" автомобиль йўлининг 233-кмида 1000 куб метр ҳажмдаги қор кўчкиси юз берди. Соат 10:30 да эса шу йўлнинг 243-кмида 250 куб метрлик қор кўчкиси юз берди, деб хабар берган Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.
Йўлнинг қолган қисмларида ҳам кўчки юз бериши хавфи туфайли 228-253-километрларда ҳаракатланиш тўхтатилган.
Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Ангрен шаҳарларида, Наманган вилоятининг Поп туманларида йўловчиларни ва автотранспорт ҳайдовчиларини қабул қилиш бўйича чоралар кўрилган.
Довонни кечиб ўтишга имконияти бўлмаганлар Оҳангарон, Ангрен ва Поп тумани умумий овқатланиш пунктларида жойлаштирилмоқдалар. Уларга барча шароитлар, иссиқ егулик, сув, дам олиш учун жойлар муҳайё қилинган.
ФВВнинг таъкидлашича, қор қатламининг ҳолати нобарқарор ва кўчиш хавфи сақланиб қолмоқда.