Тошкентлик профессор Ўзбекистонда зайтун ва зиғир етиштиришни таклиф этди

© Sputnik / Олег Ласточкин / Медиабанкка ўтишЗайтун дарахти
Зайтун дарахти - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Аграр тармоқдаги долзарб масалалар фермерлар ва олимлар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашни тақозо этмоқда

ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2016-йил 30-декабр куни мамлакатнинг етакчи олимлари билан учрашган эди. Унда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада мустаҳкамлаш борасидаги долзарб масалалар, уларни ҳал қилиш йўллари ҳақида очиқ фикрлашиб олинди.

Ўзбекистон олимлари мазкур учрашувда билдирилган фикр-мулоҳазаларни чуқур ўрганиб, ўзларининг амалий таклифларини билдиришмоқда, деб ёзади "Жаҳон" АА.

Жумладан, ўзбек ўрмончилик мактабининг таниқли вакилларидан бири, Тошкент давлат аграр университети профессори Абдухалил Қайимов Ўзбекистонда зайтун ва зиғир етиштириш таклифини илгари сурган.

Дори воситалари - Sputnik Ўзбекистон
Ёш ўзбек олими ошпиёздан янги, юқори самарали дори яратиш устида ишламоқда
"Бугун давлатимиз хориждан кунгабоқар ёғини импорт қилади. Ҳолбуки, заминимизда зиғир, кунжут, сафлор (махсар) каби мойли ўсимликлар яхши ўсади, бироқ улар кўп ҳолларда лалми майдонларда экилмоқда. Айрим жойларда ғалладан бўшаган майдонларда тажриба-синов учун етиштирилмоқда. Мазкур мойли экинлар ҳосилдорлиги лалми жойларда гектарига ўртача 3-4 центнердан ошмайди. Улар суғориладиган ерларда тажриба учун экилганда, гектарига ўртача 20 центнер ҳосил олиш мумкинлиги аён бўлди. Энг асосийси, мазкур мойли экинлар унча кўп сув талаб қилмайди. Агар барча агротехнология ўз вақтида қўлланилса, ҳосил бундан ҳам ошади", — дейди Қайимов.

Профессорнинг сўзларига қараганда, бу тажриба босқичма-босқич оммалаштирилса, ёғ-мой импорти кескин қисқаради.

"Мамлакатимизда зиғирдан асосан қўлбола жувозларда ёғ олинаётгани туфайли уни филтрлаш ва қайта ишлаш имкони деярли йўқ, шу боис халқимиз зиғир ёғидан рўзғорда доимий фойдаланмайди. Бироқ хорижлик мутахассислар ҳам зиғир ва кунжут ҳосили юқори технологияларда қайта ишланса, олинган ёғ сифати зайтун ёғидан қолишмаслигини айтмоқда", — дея қўшимча қилди олим.

Қайимовга кўра, агар бу мойли ўсимликларни суғориладиган ерларда экиш ва уни қайта ишлаш саноати Ўзбекистонда тўла қувват билан йўлга қўйилса, нафақат халқни ёғ маҳсулотлари билан таъминлаш, балки уни хорижга экспорт қилиш имкони ҳам пайдо бўлади.

Янгиликлар лентаси
0