ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорга имзо чекди. Қарор матни Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида келтирилган.
Қарорга кўра, Савдо-саноат палатасининг "ягона дарча" марказлари туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилади. Банклар ва кредит бюролари, уларнинг филиал ва ваколатхоналаридан ташқари барча тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш "ягона дарча" марказлари томонидан амалга оширилади.
Қарорда назарда тутилган чора-тадбирлар давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида сансалорлик, бюрократик тўсиқлар ва расмиятчилик ҳолатлари вужудга келишига йўл қўймасликка, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш орқали уларнинг сифати ва самарадорлигини тубдан оширишга қаратилган.
Эндиликда Адлия вазирлиги таркибида Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси негизида Давлат хизматлари кўрсатишни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида эса унинг бўлимлари тузилади.
Қарорга кўра, соҳадаги муаммоларни аниқлаш, давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш ва амалий чора-тадбирлар кўриш, шу жумладан бундай чора-тадбирларни жойларда халқ билан бевосита мулоқот ўрнатиш орқали кўриш мақсадида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тузилади.