ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. Ушбу йилнинг 30 январида Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов муборак 70 ёшга тўлди. Хонанданинг юбилей маросими Тошкентдаги ресторанлардан бирида яқин дўстлари ва ҳамкасабалари даврасида кутиб олинди.
Юбилейда таниқли ўзбек хонандаларидан кўпчиллик ташриф буюрди. Хонанданинг яқин кишилари Facebook ва Instagramда ушбу маросим ҳақида бир неча фотосуратлар ва видеолар жойлаштиришди.
Ортиқ Отажонов 1947 йилнинг 30 январида Хоразм вилоятининг Хитой қишлоғида оддий меҳнаткаш оилада туғилган. Ёшилигидан қўшиқ айтишга иштиёқи кучли бўлган. Хонанда айтишига қараганда, болалигида радиодан қандай қўшиқ эшитса ўшани ҳиргойи қилиб юраверар экан.
1962 йилда Ортиқ Отажонов Хоразм санъат мактабининг мусиқа факультетига ўқишга киради. У ерда бўлажак хонанда ўрганади. Қўшиқ айтиш сирларини эса машҳур ўзбек хонанадаси, асли хоразмлик бўлган Комилжон Отаниёзовдан ўрганган. Хонанда Комилжон Отаниёзовни ўзининг ҳақиқий устози деб билади.
Катта саҳналарда Ортиқ Отажонов 1968 йилдан 1997 йилга қадар фаолият олиб борган. Хонанданинг "Умр ўтар", "Лазги", "Бошқача", "Келсун, келсун", "Дилбар", "Юришларинг" каби қўшиқлари ҳақиқий замонавий мумтоз қўшўиқларга айланган. Хонанданинг ўзига хос характерга эга бўлган кучли овози ҳар бир ўзбекистонликка жуда яхши таниш.
Бугунги кунда ҳали ижод қилишдан тўхтамаган хонанданинг 100 дан ортиқ қўшиқлари 25та мусиқий клиплари мухлисларни баҳраманд қилиб келмоқда.