ТОШКЕНТ, 31 янв — Sputnik. Адҳам Икромов ташрифи давомида Алмазов Медицина маркази ва Ўзбекистон кардиология марказлари орасида шартнома имзолади, деб хабар қилмоқда Nuz.uz саҳифаси.
Имзоланган шартнома иккала томон орасида илмий-таълим, изланиш, клиника, профилактика ва экспериментал кардиология соҳаларида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради.
Алмазов номли тиббий марказ транслацион медицина, яъни янги технологияларни амалий медицина соҳасига тадбиқ қилиш бўйича Россиянинг етакчи тиббий маркази ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига қилган ташрифи давомида бу ерда Россиянинг икки етакчи тиббиёт маркази билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши ҳақида хабар қилинган эди.
Хусусан, Республика ихтисослашган кардиология марказининг Хоразм филиалида Россиянинг Бакулев номли юрак-қон томирлари маркази билан ва Тошкент Медицина академиясининг Урганч филиалида Санкт-Петербург давлат Тиббиёт университети билан ҳамкорлик ўрнатиши режалаштирилган.