ТОШКЕНТ, 30 янв — Sputnik. АҚШ президенти Дональд Трамп ОАВ унинг иммиграция сиёсатини "мусулмонларга нисбатан тақиқ" деб нотўғри талқин қилганини айтди, деб хабар бермоқда РИА Новости.
Трампнинг АҚШни терроризмдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги фармони мамлакатга радикал исломчиларни киритмасликка қаратилган. Ҳужжатга кўра, суриялик қочоқлар номаълум муддатга, бошқа мамлакатлардан келган қочоқлар 120 кун давомида мамлакатга қабул қилинмайди. Бундан ташқари, фармонда Сурия, Эрон, Ироқ, Ливия, Сомали, Судан ва Яман фуқароларига 90 кунгача АҚШга киришлари тақиқланади.
"Аниқ бўлиши учун айтаман, бу ОАВ нотўғри хабар қилганидек мусулмонларга қарши тақиқ эмас. Бу дин масаласи эмас — гап террор ва мамлакатимиз хавфсизлиги ҳақида бормоқда", — дейилади Трампнинг махсус баёнотида.
АҚШ раҳбари шунингдек, жаҳонда мусулмонлар истиқомат қилувчи 40дан ортиқ мамлакат борлигини, мазкур ҳужжат уларга нисбатан жорий этилмаганини қайд этди.
У шу билан бирга Барак Обама ҳам айрим мамлакатлар фуқаролари учун вақтинча чекловлар киритганини эслатиб ўтди.
"Менинг сиёсатим 2011 йилда ироқлик қочоқларга виза беришни олти ойга тўхтатган президент Обаманинг сиёсатига ўхшаш. Фармонда кўрсатилган етти мамлакат Обама маъмурияти томонидан террор манбаи сифатида қайд этилган", — деди Трамп.