ТОШКЕНТ, 30 янв — Sputnik. Ўзбекистонда янги — «Ўзагроэкспортбанк» акциядорлик тижорат банки ташкил этилади. Ўзбекистон президентнинг бу ҳақдаги қарори Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида жойлаштирилган.
Банк экспорт қилувчи ташкилотларни молиявий қўллаб-қувватлаш, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт имкониятларини самарали ва барқарор ривожлантиришни таъминлаш, агросаноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва аҳоли учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Банкнинг бошланғич устав капитали 10 млн евро этиб белгиланди. Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари, шу жумладан халқаро молия муассасалари белгиланган тартибда банк акциядорлари бўлишлари мумкин.
Янги банк ва унинг филиаллари рўйхатга олинган санадан 5 йил муддатга барча турдаги солиқлар ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилади ва бўшаётган маблағлар банкнинг ресурс ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга мақсадли йўналтирилади.
Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (7,5 млн евро, 75 фоиз), «Ўзбекинвест» компанияси (1 млн евро, 10 фоиз), «Ўзбекозиқовқатхолдинг», «Ўзагросуғурта» ва «Кафолат СК» (500 минг евродан ёки 5 фоиздан) банкнинг муассислари ҳисобланади.