ТОШКЕНТ, 30 янв — Sputnik. Ҳаракатлар стратегиясига бағишланган медиа-ҳафталик давомида мансабдорлар ногиронлик гуруҳини тасдиқлаш учун ҳар йили тиббий комиссиядан ўтишни тез орада бекор қилишга ваъда бердилар, деб хабар бермоқда nuz.uz.
Мамлакатни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини муҳокама қилиш жараёнида имконияти чекланган кишилар муаммоси ҳам ўртага ташланди.
Паралимпиячи спортчилар мураббийи Рашид Сафариев ногиронлик гуруҳини тасдиқлаш мақсадида ҳар йили тиббий меҳнат экспертиза комиссияси кўригидан ўтишни бекор қилишни сўради.
"Менинг қўл ёки оёғи йўқ спортчиларим бор. Бу йигитлар комиссия кўригидан ўтиш учун ярим ой, ҳатто бир ой машғулотлардан қолишади. Улар ҳар йили бир тўп қоғоз билан хонама-хона юришади ва оёғи ёки қўли йўқлигини исботлашади. Агар улар мазкур комиссиядан ўтишмаса, уларга пенсия тўланмайди. Ҳурматли спикерлар, ушбу муаммога эътибор қаратишингизни ва уни ҳал қилиш йўлини топишингизни илтимос қиламан", — деди у.
Спикерлар бу муаммони тан олишди ва тез орада уни ечишга ваъда беришди.
"Фикрингизга тўлиқ қўшиламиз, танасининг бирор аъзоси йўқ одам унинг йўқлигини ҳар йили исботлаши шарт эмас", — деди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситханова.
Дастлаб тиббий меҳнат экспертиза комиссиясидан ҳар йили ўтиш инсоннинг бирор аъзоси ўсиб чиққанини текшириш учун эмас, имконияти чекланган шахс жамият ҳаётига қанчалик мослашганини аниқлашни мақсад қилганди, деди Меҳнат вазирлиги эксперти Ботир Алимуҳаммедов. У мазкур масала Молия ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан биргаликда кўриб чиқилишига ваъда берди.
Мазкур масала қандай тарзда ҳал этилишига спикерлар аниқлик киритишмади.
Ҳозирда I, II ва III гуруҳ ногиронлари ўз гуруҳларини тасдиқлаш учун ҳар йили ТМЭКдан ўтишлари лозим. Комиссия хулосасисиз имконияти чекланган кишилар ногиронлик пенсиясини олишолмайди.