ТОШКЕНТ, 30 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг "2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Қарор матни Lex.UZ порталида келтирилган.
Дастурдан мақсад Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, Орол денгизининг экологик фалокати оқибатларини юмшатиш бўйича инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали рўёбга чиқаришга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга оширишдир.
Ҳужжатда кўрсатилишича, 2017 йилнинг 1 февралидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган болаларнинг мактабгача таълим муассасаларидаги, айрим фанлар чуқур ўргатиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернатлардаги таъминоти учун, "Баркамол авлод" марказларидаги, мусиқа ва санъат мактабларидаги машғулотлар учун ота-оналарнинг ҳар ойлик тўлови миқдорлари, шунингдек, аҳолининг маданият ва дам олиш марказларидаги тўлов миқдорлари республика бўйича белгиланганидан 2 баравар кам даражада ўрнатилади.
Бундан ташқари, 2017 йилнинг 1 февралидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида муҳтож оилаларга, биринчи навбатда, ёлғиз фуқаролар, пенсионерларга, боқувчиси ногирон оилаларга ҳамда бошқа кам таъминланган тоифадаги аҳоли ва оилаларга қишлоқ (маҳалла) фуқаролар йиғинларининг комиссиялари қароррига биноан тайинланадиган энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда бир марта бериладиган моддий ёрдам шаклидаги ижтимоий нафақанинг янги тури жорий этилади.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолиси учун темир йўл ва авиайўловчилар чипталарини сотиш махсус имтиёзли тарифлар бўйича амалга оширилади.