ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Ушбу йилнинг 14 феврал куни театр, кино, эстрада ва рақс санъати, спорт журналистика ва тасвирий ва амалий санъат соҳаларида "Эътироф" мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилади, деб хабар қилмоқда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги.
"Эътироф" мукофоти "Театр, кино ва оммавий томошалар", "Эстрада, анъанавий, опера хонандалиги, мусиқа ижрочилиги ва рақс санъати", "Тасвирий ва амалий санъат", "Бадиий ижод, журналистика ва телевидениэ", "Спорт", "Эътибор, эҳтиром, эъзоз" каби йўналишлар бўйича ўтказилади.
Тадбирни юқори савияда ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 январдаги "Маданият, санъат, спорт ва ижодиёт соҳасидаги "Эътироф" мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросимини ўтказиш тўғрисида"ги мажлис баёни қабул қилинган.
"Эътироф" мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросими 2017 йил 14 феврал куни "Истиқлол" санъат саройида бўлиб ўтади.