ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. 2017 йилда Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда Россия маданият ишлари вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Куни кеча Россия маданият ишлари вазири Алла Манилова Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари Фарҳод Жўраев билан учрашди.
Учрашув давомида маданий ҳамкорлик бўйича 2017 йилга мўлжалланган режалар бўйича фикр алмашилди. Хусусан, Россия ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигига 25 йил тўлиши муносабати билан Москвадаги Пушкин номидаги давлат тасвирий санъат музейида Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат музейи кўргазмасини ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
Россия маданият вазирлигининг санъат ва халқ ижодиётини қўллаб-қувватлаш департаменти Ўзбекистон театрлари техник ходимларини Россия театрларида малака ошириш учун қабул қилишга тайёрлигини тасдиқлади.
Ўз навбатида Фарҳод Жўраев 2017 йилда Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказиш учун барча тайёргарлик кўрилганини билдирди. Ўтган йилнинг 17-20 ноябрь кунлари Тошкентда Россия кунлари катта тантаналар билан ўтказилганди.
Томонлар шунингдек, Россия ва Ўзбекистон театр жамоаларининг ўзаро гастролларини ташкил этиш масаласини ҳам муҳокама қилдилар. Келишувга кўра, Россияда Ўзбекистон рус академик драма театри ва Ўзбекистонда Чехов номидаги Москва бадиий театри жамоалари чиқиш қилишлари мумкин.
Учрашувда Ўзбекистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов иштирок этди.