ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Ўзбекистон Бадиий академияси сайтида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича Халқаро ижодий танлов низоми эълон қилинди.
Низомда билдирилишича, мазкур ижодий танлов бир босқичда Тошкент шаҳрида ўтказилади. Унда мутахассис ҳайкалтарошлар, архитекторлар иштирок этиши мумкин.
Танловнинг бошланиш санаси оммавий ахборот воситаларида танлов шартлари эълон қилинган кундан сўнг аниқланади.
Танлов шартига кўра анонимликни сақлаш учун Халқаро ижодий танлов иштирокчилари ўз лойиҳаларини барча материалларининг пастки ўнг бурчагида ҳамда яширин кодли конверт юзида олтита белгидан иборат яширин код остида тақдим этишади (яширин код рақамлари кетма-кетликда бўлмаслиги лозим).
Халқаро ижодий танлов иштирокчилари бир яширин код остида иккитагача танлов лойиҳасини тақдим этишлари мумкинлиги кўрсатилган.
Низомда шунингдек, Самарқанддаги ёдгорлик ўрнатиладиган жой чизмаси: ажратилган майдон ва унинг атрофи фотосурати, ҳудуднинг асосий режаси кўрсатиб ўтилган.
Танлов ишлари ҳакамлар ҳайъатига танишиш учун 2017 йил 31 мартгача Тошкент шаҳри, Ш.Рашидов кўчаси, 40-уйга — Ўзбекистон Бадиий академиясининг бадиий кўргазмалар дирекцияси Марказий кўргазмалар залига юборилиши лозим.
Халқаро ижодий танлов ғолиблари танлов натижаларига кўра мукофот топшириш маросимига таклиф этилади. Ғолибларнинг йўл харажатлари ташкилий қўмита томонидан қопланади.
Танлов натижаларини ҳакамлар ҳайъати тақдим этади. Ҳакамлар ҳайъати таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузилади ва тасдиқланади. Танлов натижалари ташкилий қўмита ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси сайтида эълон қилинади.