ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари Ўзбекистон орқали Россияга чиқиш имкониятини берувчи темир йўл қатновини йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилмоқда, деб хабар қилмоқда Sputnik Тожикистон "Тожик темир йўллари" ДУК раҳбари ўринбосари Усмон Қаландаровга таяниб.
Унинг сўзларига кўра, гап Туркманистонни айланиб ўтувчи Душанбе-Пахтаобод-Бойсун-Қарши-Тошгузар темир йўли ҳақида бормоқда. Қаландаровнинг айтишича, агарда келажакда мана шу йўналиш йўлга қўйилса, юк ва йўловчиларни ташиш вақти қисқаради.
"Ушбу таклиф ўзбек томони тарафидан ўрганилмоқда ва ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз бу борадаги қарорларини маълум қилишади", — деди у.
Бундан ташқари, томонлар темир йўл орқали юкларни ташиш тарифларини пасайтириш масаласини ҳам муҳокама қилишган.
Эслатиб ўтамиз, январь ойи бошида Ўзбекистон ва Тожикистон темир йўл қатновини тиклаш бўйича музокаралар ўтказган, лекин томонлар аниқ келишувга эришишганича йўқ.
2011 йил ноябрда Ўзбекистон томони Амузанг-Ғалаба участкасидаги темир йўлларни эскиргани сабабли олиб ташлаган.
Кейинги вақтда Марказий Осиё мамлакатлари транспорт қатновини тиклаш бўйича фаол музокаралар олиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари бундан 20 йил илгари ёпилган М-39 трассасидаги автомобиль қатновини тиклашга келишиб олди. Тожикистон ва Ўзбекистон Душанбе ва Тошкент ўртасидаги рейсларни тиклашга қарор қилди.