ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Ўзбекистонда келаси йилдан бошлаб хорижга чиқиш паспортлари амалга киритилиши мумкин, деди Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Нодир Жўраев Sputnik Ўзбекистон мухбирига.
Унинг сўзларига кўра, хорижга чиқиш паспортлари мамлакатда амалда бўлган стикерларга нисбатан устунликларга эга эканлиги барчага аён бўлди.
"Хорижга чиқиш паспорти, қоида бўйича 10 йил муддатга берилади, стикер эса икки йилга берилади. Яъни фуқаро хорижга чиқиш учун керакли ҳужжатларни тақдим этувчи органларга ҳозиргига нисбатан беш марта камроқ мурожаат қилади. Ҳозирда экспертлар ва жамоатчилик бўлажак ўзгаришларнинг барча жиҳатларини муҳокама қилмоқда, ҳозирча якуний қарор ва механизмлари қандай бўлиши аниқ эмас. Шу йилнинг охиригача барча зарур амалиётлар кўрсатилган ҳужжатни тайёрлашни режалаштирганмиз, хорижга чиқиш паспортлари эса келаси йилдан жорий этилиши мумкин", — деди Жўраев.
Аммо вазир ўринбосари МДҲ мамлакатларига чиқиш тартиби қандай бўлиши ҳақида аниқ фикр билдира олмади.
"Ҳозирча бирор нарса дейиш қийин, муҳокама кетмоқда. Менимча, ҳозирча МДҲ мамлакатларига ҳозиргидек ички паспорт билан чиқиш мумкин бўлади. Хорижга чиқиш паспорти билан эса ҳар қандай мамлакатга чиқиш мумкин. Шунингдек, божхона кўригидан ўтиш жараёнини ҳам енгиллаштириш, масалан, Ўзбекистонга айрим мамлакатлардан учиб келган туристлар учун "яшил йўлак" тизимини, яъни тезкор ўтишни жорий этиш кўзда тутилмоқда", — деди вазир Нодир Жўраев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонни 2021 йилга қадар ривожлантириш стратегияси доирасида паспорт-виза тизимини такомиллаштириш, хусусан, ички ва хорижга чиқиш паспортларини жорий этиш режалаштирилмоқда.