ТОШКЕНТ, 23 янв — Sputnik. Қирғиз-тожик чегарасидаги икки давлат аҳолиси ўртасидаги низодан сўнг қўшимча постлар ўрнатилди, деб хабар берди РИА Новости Қирғизистон давлат чегара хизмати матбуот хизматига асосан.
Матбуот хизматининг маълум қилишича, Қирғизистоннинг Боткен туманидаги Кўк-Тош қишлоғи ҳудудида икки давлат аҳолиси ўртасида низо келиб чиққан.
"Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасидаги даҳанаки жанг бир-бирини тошбўрон қилишга айланиб кетган. Дастлабки маълумотларга кўра, низо оқибатида икки давлат фуқароларига қарашли бир уй ва тўрт автомашинага зарар етган. Вазият жиддийлашиб кетишининг олдини олиш мақсадида икки давлат чегара хизматлари томонидан мазкур ҳудудда қўшимча чегара кучлари жойлаштирилди", — дейилади хабарда.
Хабарга кўра, икки давлат чегара хизмати вакиллари учрашувидан сўнг низо бартараф этилган ҳамда "томонлар одатдаги режимда хизмат олиб борилиши, чегарадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш борасида барча чораларни ишга солиш ҳамда низонинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш"га келишиб олишган.
"Айни пайтда қирғиз-тожик давлат чегарасидаги вазият барқарор. Вазиятни икки давлатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллари, милиция ходимлари назорат қилиб турибди", — дейилади матбуот хизмати хабарида.