ТОШКЕНТ, 23 янв — Sputnik. Берлинда бўлиб ўтаётган IGW Berlin Яшил ҳафталик 2017 — 82-озиқ-овқат саноати, боғдорчилик, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги Халқаро савдо кўргазмасида Ўзбекистон компаниялари 10 млн долларликдан ортиқ шартномалар имзолашди. Бу ҳақда "Ўзагроэкспорт" АЖ сайтида хабар берилмоқда.
Унда дунёнинг 60 давлатидан бўлган 1 800 дан зиёд компания иштирок этмоқда, 380 мингга яқин киши ташриф буюриши кутилмоқда. Кўргазмада Ўзбекистон Республикаси ишбилармонлари манфаатларини ўзида ифода этган миллий стенд ҳам тақдим этилган.
Кўргазманинг биринчи кунида қатор хорижий компаниялар, жумладан Same Deutz-Fahr (Германия), Euro Asia (Германия), Abgeordnetenhaus (Германия), GlobusMax (Польша), Better International Trade (Буюк Британия), Urumqi Tongyale International Trade (Хитой), Go Nuts & Fruits F.Z.E (БАА), Florry Business LP (Буюк Британия) компаниялари вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Мазкур компаниялар вакиллари Ўзбекистондан янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилишга қизиқиш билдирдилар.